Уламолар

Ибн Ҳазм Зоҳирий

3 йил аввал 3658 siyrat.uz

(«Жавомиус сийра» асари муаллифи)

Абу Муҳаммад Али ибн Аҳмад ибн Саид ибн Ҳазм Андалусий ҳижрий 384 (мил. 994) йил Қуртубадаги бой оилада таваллуд топган. Ёшлигидан Яҳё ибн Масъуд, Абу Амр Аҳмад ибн Муҳаммад, қози Юнус ибн Абдуллоҳ, қози Ҳумом ибн Аҳмад каби замонасининг энг машҳур уламоларидан таълим олади. Ақл-заковатда беназир бўлгани ва нодир кутубхонаси билан машҳур бўлган. Отаси Омирия давлатининг вазири, Қуртуба аҳлининг аслзодаларидан бўлган. Унинг ўзи ҳам ёш-навқиронлик даврида бироз вазирлик мансабида ишлаган. Кейинчалик ундан воз кечиб, илм олиш, таълим бериш ва китоб ёзишга шўнғиб кетган. У аввалига одоб, шеърият, мантиқ ва фалсафа фанларида моҳир бўлган. Кейинчалик нақлий илмларни эгаллашга киришган. Ибн Ҳазм аввал имом Шофеъий мазҳабларига оид фиқҳий асарларни ўрганган ва ўзи ҳам шу мазҳабга кўра амал қилган. Кейинчалик зоҳирийлик мазҳабини ўзича устун деб билиб, бу борада маълум ва машҳур бўлган. Шунинг учун ҳам унинг исми билан бирга «Зоҳирий» нисбати қўшиб ёзилиши одат тусига кирган. Ибн Ҳазмнинг ўзидан олдин ўтган олимларни танқид қилишда тутган йўли ва баъзи илмий қарашлари борасида турли асрларда ҳар хил фикрлар билдирилган. Уни қоралаб, кўплаб илмий қарашларини рад қилувчилар бўлганидек баъзида илми ва диёнати олдида одоб сақлаб, уни ҳимоя қилувчилар ҳам топилган. Шу жумладан ўз асрининг буюк муҳаддиси имом Заҳабий ўзларининг «Сияру аъломин нубало» асарларида бу борада чуқур киришмасликка чақирган. Қолаверса, у ҳақда имом Ғаззолий ва Иззуддин ибн Абдусаломдек Ислом оламида кўзга кўринган олимлар ижобий фикр билдиришган. Имом Абул Қосим Соид ибн Аҳмад: «Ибн Ҳазм Андалус аҳлининг энг билимдони ва барча исломий илмларни ўзида жамлаган олим эди», деган. Унинг замондоши Абу Абдуллоҳ Ҳумайдий: «Ибн Ҳазм ҳадис ва уни тушунишлик, китоб ва суннатдан ҳукмлар чиқариб олишда етук олим эди. У жуда кўп фанлар билимдони ва шу билан бирга илмига амал қилувчи зот эди. Зийраклик, тез ёдлай олиш ҳамда олий жаноблик ва диёнатда унга ўхшаганини кўрмадик», деган.

Китоблари: Ибн Ҳазм кўплаб китобларни тасниф қилган. Унинг ўғли Фазлдан ривоят қилинишича, у отасининг қаламига мансуб саксон минг варақни ўз ичига олган тўрт юз мужаллад китоб мавжудлигини айтган. Унинг асарлари ичида энг машҳурлари қуйидагилар: «Ал ийсол ила фаҳми китобил хисол» (тўрт мужаллад); «Ал муҳалло шарҳул мужалло бил ҳужажи вал осор» (саккиз мужаллад); «Ал фисол фил милали вал аҳвои ван ниҳал» (икки мужаллад); «Ал иҳком фи усулил аҳком» (икки мужаллад); «Жавомиус  сийра»; «Жамҳарату ансобил араб»; «Ал ахлоқ вас-сияр»; «Ан носих вал мансух»... Ибн Ҳазм Зоҳирий ҳижрий 456 (мелодий 1064) йили шаъбон ойида 72 ёшида Андалусда вафот этган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Видеолар
Уламолар
"Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (10-қисм)
Салоҳиддин домла Шарипов
2380
Уламолар
"Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (9-қисм)
Салоҳиддин домла Шарипов
2306
Уламолар
"Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (8-қисм)
Салоҳиддин домла Шарипов
2874
Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ