Тўфон

6 йил аввал 2987 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Ўша вақт ҳам келди:

«Ниҳоят, Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар бир жуфтдан иккитадан ҳамда аввал у ҳақда сўз кетган кимсадан бошқа аҳлингни ва иймон келтирганларни ол», – дедик. У билан бирга фақат жуда озчилик иймон келтирган эди» («Ҳуд» сураси, 40-оят).

Бундай ҳолатларда ҳар хил гаплар бўлиши аввалги тафсирларимизда айтилган. «Таннур» нима, катталиги қанча, фаввора қандай отилган, кемага нималар чиққану қандай чиққан, қай бири олдин чиққану, қай бири кейин чиққан ва ҳоказо гаплар кўп.

Муҳаққиқ олимларимиз бунга ўхшаш нарсалар қадимда «исроилиёт» деб номланмиш яҳудийларнинг қиссасидан бизнинг баъзи китобларимизга ўтиб қолганлигини алоҳида ўрганиб, исбот қилганлар. Бу ишларни тушунган ҳолда улардан иложи борича четланганимиз маъқул. Ишончли бўлмаган хабарга, турли асоссиз ривоятларга суяниб, гапни кўпайтиришнинг ҳожати йўқ. Қуръони Каримда айтилганининг ўзи етарли. Тарих, жуғрофия илм­ларида ижтиҳод қилиш эмас, аниқ маълумотлар керак.

Қуръони Карим эса ҳидоят китоби бўлганлиги учун асл эътиборни ибратга қаратган. Мисол учун, ушбу тўфон ҳодисасида бизга таннурнинг катталиги ёки ундан фаввора қандай отилиб чиққанлиги эмас, балки нима учун тўфон бўлиб, оламни босди-ю, бу ҳодисадан қандай ибрат олишимиз кераклиги муҳим. Агар таннурнинг шакли ёки шунга ўхшаш бошқа маълумот биз учун зарур бўлганда, Қуръони Каримда зикр қилинган бўларди.

Аллоҳ таоло ушбу оятда тўфон ҳодисасининг бошланишидан хабар бермоқда:

«Ниҳоят, Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда».

Яъни тўфон бўлиши ҳақидаги фармонимиз келиб, таннурдан сув отилиб чиқа бошлаган вақтда Нуҳга хитоб қилиб, дедик:

«У(кема)га ҳар бир жуфтдан иккитадан ҳамда аввал у ҳақда сўз кетган кимсадан бошқа аҳлингни» ол.

Яъни «Махлуқотларнинг ҳар туридан бир жуфт­дан – бир эркак, бир урғочи (қилиб) ол. Шунингдек, аҳлинг – оила аъзоларингни ҳам ол. Магар, аҳлингдан олдин олмасликка, ҳалок бўлишига сўз кетиб қолганларини олма», дедик.

Нуҳ алайҳиссалом оиласидан ҳалок бўлишига сўз кетганлар – хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмаслик амр қилинди.

Шунингдек,

«ва иймон келтирганларни ол», дедик».

Бундан кейин Аллоҳнинг Ўзи:

«У билан бирга фақат жуда озчилик иймон келтирган эди», деб баён қилмоқда.

Ҳа, Нуҳ алайҳиссаломнинг узоқ вақт даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмдан саноқли кишиларгина иймонга келди. Шу сабаб билан буларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ таоло ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.

«Ва у: «Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Ал­лоҳнинг номи ила», дея унга мининглар. Албатта, Роббим Fофур ва Роҳиймдир», – деди» («Ҳуд» сураси, 41-оят).

Яъни Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганида ўзлари билан олишлари керак бўлганларга қараб:

«Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг номи ила», дея унга мининглар», дедилар.

Бу кеманинг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳнинг риояси ва ҳимояси остида бўлишига ишора қилиб айтилган гап эди. Яъни «Қўрқманглар, қанчалик катта ва даҳшатли тўфон бўлса ҳам, бу кемага зарар қилмайди. Уни сақлашни Аллоҳ таолонинг Ўзи зиммасига олган», демоқдалар.

«Албатта, Роббим Fофур ва Роҳиймдир», деди».

Яъни «Аллоҳ таоло кофирларни ғарқ қилиб, бутунлай йўқ қилиб юбораётган бўлса ҳам У зотнинг мағфират қилувчилик ва раҳмлилик сифатлари бар­қарор, У бизларни кемага чиқадиганларни мағфират қилади ва бизга раҳмдиллик кўрсатади», дедилар.

«Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғилгинам! Биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», – дея нидо қилди» («Ҳуд» сураси, 42-оят).

Тўфон даҳшатли тус олиб келарди. Нуҳ алай­ҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг у кема уларни тоғлардек бўлиб, мавж ураётган тўлқинлар устида олиб кета бошлади. Шу пайт Нуҳ алайҳиссалом ўғилларидан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Оталик меҳри устун келиб:

«…бир четда турган ўғлига: «Эй ўғилгинам! Биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», – дея нидо қилди».

Аммо оқпадар ўғил ёшлик ғурури ила жавоб бериб:

«У деди: «Тоққа жойлашиб оламан, мени сувдан сақлайди». (Нуҳ:) «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. (Ўзи) раҳм қилгандан бошқани», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди» («Ҳуд» сураси, 43-оят).

Кофир ўғил улуғ пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам:

«У деди: «Тоққа жойлашиб оламан, мени сувдан сақлайди».

Аммо Нуҳ алайҳиссалом яна оталик меҳри ила мазкур ҳақиқатни фарзандининг қалбига солишга ҳаракат қилиб:

«Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. (Ўзи) раҳм қилгандан бошқани», деди».

Аллоҳнинг азоби келгандан кейин кофирларнинг бирортасини ҳеч ким, ҳеч нарса қутқара олмайди. Фақат Аллоҳ Ўзи раҳм қилган бандаларини нажот кемасида қутқариб қолди. Ота-боланинг гапи шу ерга етганида: «ораларини тўлқин тўсди ва (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди».

Бошқа кофирларнинг барчасини ғарқ қилгани каби уни ҳам тўфон балоси олиб кетди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ