Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишда салафи солиҳлар ибрати

3 йил аввал 2877 Абдулазиз Мўмин

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва йўлларига эргашиш борасида саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳид уламолардан иборат салафи солиҳлардан ибратли воқеалар ривоят қилинган. Улар бу зотларнинг сўз ва амалда суннатга амал қилишга қанчалик ташна эканликларини кўрсатади.

Холид ибн Асийд оиласидан бир киши[1] Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан: «Эй Абу Абдурраҳмон! Биз хавф намозини ҳам, муқимлик пайтида ўқиладиган намозни ҳам Қуръонда борлигини биламиз. Лекин сафар намозини (батафсил) учратмаймиз», деди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Эй биродаримнинг ўғли! Аллоҳ таоло бизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганда биз ҳеч нарсани билмас эдик. Биз у зотдан кўриб қандай қилсалар, шундай қилар эдик»[2].

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан кейин келган ишбошилар[3] суннатларни[4] жорий қилдилар. Уларга амал қилиш Аллоҳнинг китобини тасдиқлаш, Аллоҳга итоат этиш ва Аллоҳнинг динини қувватлашдир. Уларни ўзгартиришга, бошқасига алмаштиришга, уларга хилоф йўл тутганларнинг фикрига суянилмайди. Ким уларга эргашса, ҳидоят топади. Ким улардан ёрдам олса, ёрдамдан баҳраманд бўлади. Уларга хилоф қилиб, мўминларнинг йўлидан бошқа йўлдан кетганларни Аллоҳ ўз ихтиёрига ташлаб, (залолатда) тек қўйиб қўяди ва жаҳаннамга киргизади. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жойдир».

Бу сўзлар Аллоҳ таолонинг «Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Расулга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!»[5] деган оятидан иқтибос қилиб олинган.

Ҳасан Басрий раҳмутуллоҳи алайҳ: «Суннатга мувофиқ озгина амал бидъат бўлган кўп амалдан яхшироқдир»[6], деган экан.

Ибн Шиҳоб Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бизга аҳли илмлардан: «Суннатни маҳкам тутиш нажотдир», деган гап нақл қилинган», дейди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бошлиқ қилиб тайинлаган ишчиларига суннатни, фароиз(мерос илми)ни ва тилни ўрганишни амр қилиб хат ёзар эдилар[7].

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Одамлар сизлар билан Қуръондан далил келтириб баҳслашсалар, уларни суннат билан тутинглар[8], чунки суннатни биладиганлар[9] Аллоҳнинг китобини яхши биладилар»[10], дер эканлар.

Умар розиялоҳу анҳу Зулҳулайфада[11] икки ракъат намоз ўқидилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қандай кўрган бўлсам, худди шундай қиламан»[12], дедилар.

Имом Доримий ва Табароний келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Суннатга амал қилишда ўртачалик бидъатда жидду жаҳд қилишдан афзалдир», дейдилар.

Абд ибн Ҳумайд ўзининг «Муснад»ида саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар: «Сафар намози икки ракъатдир. Ким суннатга хилоф қилса, куфр келтирган бўлади», дедилар. Яъни ношукрлик қилган бўлади, чунки Аллоҳ таоло бандаларига сафарда қаср ўқишга рухсат берган. Бу катта неъматдир. Уни қабул қилмаслик ношукрликдан ўзга нарса эмас. Агар Расулуллоҳнинг суннатлари мутавотир[13] даражасида бўлса, унга хилоф қилиш кишини диндан чиқишига ҳам олиб боради.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳнинг йўлини ва суннатни лозим тутинглар, чунки ер юзидаги қайси банда Аллоҳнинг йўли ва суннат асосида амал қилса ва Аллоҳ зикр қилинганда У зотдан қўрқиб кўзларидан ёш оқса, Аллоҳ уни ҳеч қачон[14] азобламайди. Ер юзидаги қайси банданинг амали Аллоҳнинг йўли ва суннатга мувофиқ бўлса ва Аллоҳни зикр қилганда У зотдан қўрқиб, бадани титраса, қуриб-қовжираган, қаттиқ шамол эсганда барглари тўкилган дарахт сингари ўша банданинг гуноҳлари тўкилади. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳнинг йўли ва Расулининг суннатига мўътадил амал қилиб бориш уларга хилоф қилиб, бидъатга жидду жаҳд қилишдан яхшидир. Амалларингизда жидду жаҳд қилиш ёки мўътадил бўлишда пайғамбарларнинг йўллари ва суннатларига мувофиқлигига аҳамият қилинг»[15].

Баъзи амалдорлар Умар ибн Абдулазизга ўзининг шаҳарда ўғрилик кўпайиб кетгани, гумон қилинган шахсларни гумон асосида жазога тортиш жоизми ёки суннатга биноан далил-ҳужжатга таянган ҳолда иш кўриш кераклиги ҳақида мактуб ёзди. Умар ибн Абдулазиз «Уларни суннатга биноан ҳужжат-далил билан ислоҳ қил. Уларни ҳақ ислоҳ қилади» деган маънода жавоб мактубини ёзган эканлар.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ичида эргашилмайдигани йўқдир», деган экан.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда шундай дейилган: «Умар разияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадга қараб: «Албатта, сен фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган бир тошсан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўпганларини кўрмаганимда сени ўпмас эдим», деди ва уни ўпди».

Имом Аҳмад ва Баззор ривоят қилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир жойда туясини айлантирарди. У кишидан сўрашганда: «Билмайман, лекин Расулуллоҳнинг шундай қилганларини кўрган эдим», деб жавоб бердилар.

Абу Усмон Ҳийрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким ўзининг устидан сўз ва амалда суннатни ҳоким қилса, ҳикмат сўзлайди. Ким ўзининг устидан нафс хоҳиш-истакларини ҳоким қилса, бидъатни сўзлайди», деган экан.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бизларнинг йўлимиз асоси уч нарса: ахлоқ ва амалда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, ҳалолдан ейиш, барча амалларда ниятни холис қилиш», деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди». Яъни Қуръон нимани буюрса, қилар, у нимадан қайтарса, қайтар эдилар.

Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳикоя қилинади. У киши айтади: «Бир куни бир жамоа билан бирга эдим. Улар сувга кириб яланғоч бўлиб чўмилишди. Мен эса «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ҳаммомга изорсиз[16] кирмасин»[17] деган ҳадисга амал қилиб ундай қилмадим. Ўша кеча бировнинг: «Эй Аҳмад, суннатга амал қилганинг учун Аллоҳ сени кечирди ва эргашиладиган имом (пешво) қилди», деганини эшитдим. «Сиз кимсиз?» дедим. У: «Мен Жаброилман», деди.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Имом Молик Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан, у Холид ибн Асийд оиласидан бўлган бир кишидан ривоят қилган. Унинг исми маълум эмас. Бу ривоятни Насоий ва Ибн Можа ҳам келтирган.

[2] Барча ишларда у зотга эргашар эдик. Сафарда қаср ўқиганларини кўрсак, қаср ўқидик. У зот бизга сафарда қаср ўқишни амр қилиб: «Бу сизларга Аллоҳнинг қилган садақасидир. Уни қабул қилинглар», деганлар. Шундан келиб чиқиб имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Сафарда намозни тўлиқ қилиб ўқиган киши гуноҳкор бўлади. Бундай қилиш макруҳи таҳримийдир», деганлар. Набий алайҳиссалом шариат аҳкомларини Қуръон ва суннат орқали баён қилиб берганлар. Кимда-ким шу иккисидан бирор нарсани тарк қилса, бидъат ва залолатга тушиб қолади.

[3] Тўрт рошид халифа.

[4] Қуръон ва суннат қоидаларига мувофиқ келадиган амалларни йўлга қўйдилар. Масалан, ҳазрати Умар таровиҳ намозини жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилдилар. Ҳазрати Усмон мусҳафларни ёздириб, катта шаҳарларга юборишни амр қилдилар.

[5] Нисо сураси, 115-оят.

[6] Бу ривоят марфуъ ҳолатда ҳам келтирилган.

[7] Саъид ибн Мансурнинг «Сунан»ида келтирилган.

[8] Бошқа нусхада «Улардан суннати набавия билан ғолиб келинглар», дейилган.

[9] Қуръонни ҳадислар билан баён қилиб берувчи уламолар.

[10] Имом Доримий ривояти.

[11] Мадинаи мунавварага яқин машҳур жой.

[12] Имом Муслим ривояти.

[13] Ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўпчилик томонидан нақл қилинган ва инкор этиб бўлмайдиган даражага етган ривоятлар.

[14] Дунёю охиратда.

[15] Асфаҳоний «Ат-Тарғиб» номли асарида, Лолкоий «Сунан»ида келтирган.

[16] Киндикдан тиззагача авратни ёпиб турадиган кийим.

[17] Имом Термизий ҳам шунга ўхшаш лафз билан ривоят қилган.

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ