«Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз»

6 ой аввал 700 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди: «Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталаридаги сулҳ пайтида жўнаб кетдим. Шомда эканимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳирақлга мактуб олиб келинди. Уни Диҳятул Калбий олиб келди. Уни Бусронинг бошлиғига берди. Бусронинг бошлиғи уни Ҳирақлга берди. Ҳирақл: «Бу ерда ўша набийман деяётган одамнинг қавмидан бирор киши борми?» деди. «Ҳа»,  дейишди. Мен бир тўп қурайшликлар билан бирга чақирилдим. Ҳирақлнинг олдига кирдик. У бизни қаршисига ўтқазди ва: «Қай бирингиз ўша набийман деяётган одамга насаб жиҳатидан яқинсиз?» деди. Абу Суфён айтди: «Мен», дедим». Шунда мени унинг олдига ўтказишди. Шерикларимни орқамга ўтказишди. Кейин таржимонини чақирди ва: «Уларга айт, мен манавидан анави ўзини набий деяётган одам ҳақида сўрайман. Агар менга ёлғон гапирса, ёлғон гапирганини айтинглар», деди. «Аллоҳга қасамки, агар мени ёлғончи дейишларидан қўрқмаганимда, албатта ёлғон гапирган бўлардим», деди Абу Суфён.

Кейин таржимон орқали суҳбат бошланди:

Ҳирақл: Ичингизда унинг насаби қандай?

Абу Суфён: У ичимизда соҳибнасабдир.

Ҳирақл: Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?

Абу Суфён: Ночорлари.

Ҳирақл: Улар кўпаймоқдами ё озаймоқдами?

Абу Суфён: Кўпаймоқда.

Ҳирақл: Бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб, диндан чиқяптими?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Унга қарши жанг қилдингларми?

Абу Суфён: Ҳа.

Ҳирақл: Унга қарши жангингиз қандай бўлди?

Абу Суфён: Гоҳ ундай, гоҳ бундай. Баъзан у бизни енгади, баъзан биз уни енгамиз.

Ҳирақл: У хиёнат қиладими?

Абу Суфён: Йўқ. Биз ҳозир у билан сулҳ муддатидамиз, нима қилишини билмаймиз (Абу Суфён ушбу гапларни одамларга айтаётиб, «Ҳирақл менга ушбу калимадан бошқа гап қўшишга имкон бермади», деган).

Ҳирақл: Бу гапни ундан бошқа бирортаси айтганми?

Абу Суфён: Йўқ.

У таржимони орқали бундай деди: «Мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, у ичингизда соҳибнасаблигини айтдинг. Набийлар доимо ўз қавмининг соҳибнасаби бўлиб юбориладилар.

«Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Агар ота-боболаридан подшоҳ ўтгани бўлганида, ота-боболарининг мулкини талаб қилмоқда, дер эдим.

«Унга одамларнинг обрўлилари эргашдими ёки ночорларими», деб сўрадим. «Ночорлари», дединг. Ана шундайлар набийларнинг эргашувчиларидир.

«Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Демак, билдимки, албатта, у одамларга ёлғон гапирмай юриб, Аллоҳга ёлғон гапириши мумкин эмас.

«Бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб, диндан чиқяптими», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Иймон қалбларга йўғрилганда шундай бўлади.

«Улар кўпаймоқдами ё озаймоқдами», деб сўрадим. «Улар кўпаймоқда», дединг. Иймоннинг иши шундай камолга етади.

«Унга қарши жангингиз қандай бўлди», деб сўрадим. «Гоҳ ундай, гоҳ бундай. Баъзан у бизни енгади, баъзан биз уни енгамиз», дединг. Расуллар шундай синаладилар. Сўнгра оқибат уларники бўлади.

«У хиёнат қиладими», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Ана шундай, расуллар хиёнат қилмайдилар.

«Биров ундан олдин бу гапни айтганмиди», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Агар биров ундан олдин бу гапни айтган бўлганида, ўзидан олдин айтилган гапни айтмоқда, дер эдим», деди.

Сўнгра у (Ҳирақл): «У сизларни нимага буюради?» деб сўради.

«Бизни намозга, закотга, силаи раҳмга ва иффатга буюради», дедим.

«Агар сен айтган гап ҳақ бўлса, албатта, у Набийдир. Мен унинг чиқишини билардим. Унинг сизлардан эканини ўйламаган эдим. Агар унга етиша олганимда, у билан учрашишга уринар эдим. Агар унинг ҳузурида бўлганимда, оёқларини ювар эдим. Унинг салтанати оёқларим остига ҳам етиб келади», деди.

Кейин у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини опкелтирди. Уни ўқиди. Қарасам, унда шундай дейилган экан:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Рум подшоҳи Ҳирақлга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом даъватига чақираман. Мусулмон бўл, омон қоласан. Мусулмон бўл, Аллоҳ ажрингни икки ҳисса қилиб беради. Агар юз ўгириб кетсанг, арисийларнинг гуноҳи зиммангга бўлади. «Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамиздаги баробар сўзга келинг. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Робб қилиб олмайлик» (дегин). Шунда агар юз ўгирсалар, «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар».

У мактубни ўқиб бўлиши билан ҳузурида овозлар кўтарилиб, шовқин-сурон кўпайиб кетди. Бизни чиқаришга буюрилди, чиқиб кетдик. Чиққанимиздан кейин асҳобларимга: «Ибн Абу Кабшанинг иши зўрайиб кетди-ку! Ундан Бану Асфарнинг подшоси ҳам қўрқмоқда», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига ва у зотнинг зоҳир бўлишларига ишончим комил бўлди. Охири Аллоҳ қалбимга Исломни жо қилди».

Зуҳрий айтади: «Сўнгра Ҳирақл Румнинг улуғларини чақириб, бир уйга тўплади ва: «Эй Рум улуғлари! Сиз нажотни, абадул абад рушду ҳидоятни ва мулкингиз собит бўлишини истайсизми? (Унда шу Набийга байъат қиласиз!)» деди.

Шунда улар ёввойи эшаклардек ўзларини эшикларга уришди. Эшиклар қулфлоғлиқ эди. «Уларни олдимга қайтариб келинглар», деди ва: «Мен ҳалиги гапларни сизларнинг динингизда мустаҳкамлигингизни синаб кўриш учун айтган эдим. Ҳақиқатан, сизларда ўзим истаган нарсани кўрдим», деди. Барчалари унинг оёғига йиқилдилар ва ундан рози бўлдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ