«Яратган Роббинг номи билан ўқи!»

6 ой аввал 1236 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

5. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай бир неча кеча «таҳаннус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра, Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, у зотга Ҳиро ғорида эканларида ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедилар. (У зот) айтдилар: «Шунда мени тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқигувчи эмасман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутди ва қисиб, қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб: «Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни «алақ»дан яратди. Ўқи! Роббинг энг карамлидир» деди».

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари ларзага тушган ҳолда улар (оятлар) билан Хадийжа бинт Хувайлид олдига қайтдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. У зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадийжага хабар бериб: «Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Шунда Хадийжа: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди. Сўнгра Хадийжа у зот билан отланиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг олдига бошлаб борди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган киши эди. Иброний ёзувида ёза олар, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийча ёзарди. У кўзи ожиз бўлиб қолган катта ёшли қария эди. Хадийжа унга: «Эй амакиваччам! Биродарингизнинг ўғлига қулоқ солинг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўряпсан?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрганларини айтиб бердилар. Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога туширган Номусдир (яъни Жаброилдир). Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида тирик бўлсам! Қанийди ўшанда навқирон бўлсам!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар мени ҳайдаб чиқаришадими?» дедилар. «Ҳа, сен олиб келган нарсани келтирган киши борки, унга албатта душманлик қилинган. Ўша кунингга етсам, сенга катта ёрдам бераман», деди. Кўп ўтмай, Варақа вафот этди ва ваҳий бир муддат узилиб қолди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ