«Ҳур ва қул»

6 ой аввал 907 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

4. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Амр ибн Абаса Суламий айтди: «Жоҳилиятдаги пайтимда «Одамлар залолатда, улар модомики бутларга ибодат қилишар экан, ҳеч нарсага эриша олишмайди», деб юрардим. Шунда Маккада бир киши нималарнингдир хабарини бераётганини эшитдим. Уловимга миниб, унинг олдига бордим. Қарасам, қавмининг (озор беришга) журъатидан яшириниб юрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Пайт пойлаб туриб, Маккада у зотнинг олдиларига кирдим. Шунда мен у зотга: «Сен кимсан?» дедим. «Мен Набийман», дедилар. «Набий нима?» дедим. «Мени Аллоҳ юборди», дедилар. «Сени нима билан юборди?» дедим. «Мени силаи раҳм, бутларни синдириш, Аллоҳни ягона деб билиш, Унга бирор нарсани шерик қилмаслик билан юборди», дедилар. Мен у зотга: «Бунда сен билан ким бирга?» дедим. «Ҳур ва қул», дедилар. У зотга иймон келтирганлардан Абу Бакр ва Билол ўша куни бирга эди. «Мен сенга эргашаман!» дедим. «Бу кунда сен бунга қодир эмассан. Ҳолимни ва одамларнинг ҳолини кўрмаяпсанми? Сен ҳозир аҳлинг ҳузурига қайт. Менинг устун бўлганимни эшитганингда ҳузуримга кел», дедилар.

Шунда аҳлим ҳузурига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Мен эса аҳлимнинг олдида эдим. Хабарларни кузатиб турдим. У зот Мадинага келганларида одамлардан сўрар эдим. Мадинадан Ясриб аҳлининг бир гуруҳ одамлари ёнимга келганида: «Мадинага келган анави одам нима қилди?» дедим. «Одамлар (эргашишда) у томон шошилишмоқда. Қавми уни ўлдирмоқчи бўлган эди, лекин бунга қодир бўлмади», дейишди.

Мадинага бордим. У зотнинг ҳузурларига кирдим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танидингизми?» дедим. «Ҳа, сен мен билан Маккада учрашгансан», дедилар. «Худди шундай, эй Аллоҳнинг Набийи! Менга Аллоҳ сизга таълим бергану, аммо мен билмайдиган нарсадан хабар беринг. Менга намоздан хабар беринг», дедим. У зот айтдилар: «Бомдод намозини ўқи. Кейин қуёш чиқиб кўтарилиб бўлгунича намоздан тийилиб тур. Чунки у чиқаётган пайтда шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар унга сажда қилишади. Сўнгра намоз ўқийвер. Чунки то соя найзага тенг бўлгунча намоз (фаришталар тарафидан) гувоҳ бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Сўнгра намоздан тийил. Чунки у пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачон соя қайта бошласа, шунда намоз ўқийвер. Чунки намоз (фаришталар тарафидан) гувоҳ бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Бу то асрни ўқигунингчадир. Сўнгра то қуёш ботгунча намоздан тийил. Чунки, у шайтоннинг икки шохи орасида ботади ва ўша пайтда унга кофирлар сажда қилади».

Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Набийи, таҳорат-чи? Менга шундан гапиринг», дедим. Шунда у зот айтдилар: «Сиздан ким таҳоратига яқинлашса ва оғзини чайиб, бурнига сув олиб тозаласа, албатта, унинг юзидаги, оғзидаги ва бурнидаги хатолари тўкилади. Сўнгра юзини Аллоҳ буюрганидек ювса, албатта, юзининг хатолари соқолларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки қўлини чиғаноғи билан ювса, албатта, икки қўлининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра бошига масҳ тортса, албатта, бошининг хатолари сочларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки оёғини тўпиқлари билан ювса, албатта, оёқларининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Шунда агар у туриб намоз ўқиса, Аллоҳга У зот муносиб бўлган ҳамду сано айтса, У зотни улуғласа ва қалбини Аллоҳ учун холи қилса, албатта, у хатосидан худди онаси уни туққан кунидек ҳолга қайтади».

Амр ибн Абаса бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Абу Умомага айтиб берди. Шунда Абу Умома унга: «Эй Амр ибн Абаса! Нимани деяётганингга назар сол! Кишига бир мақомда шу нарса бериладими?» деди. Амр унга айтди: «Эй Абу Умома! Батаҳқиқ, ёшим улғайди. Суягим мўртлашди. Ажалим яқинлашди. Менинг Аллоҳга ва Расулуллоҳга ёлғон гапиришга ҳожатим йўқ. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки, уч марта... деб (то еттигача санади) эшитмаганимда, буни асло айтмас эдим. Лекин мен уни бундан ҳам кўп эшитганман».

Муслим ривоят қилган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ