
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом ва мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб, қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.
Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари – сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.
Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган ушбу муборак ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ.
Ҳа, бу улуғ ҳаёт қанчалик эҳтимом билан ўрганилса, шунча яхши.
Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидалигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!
Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.
Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни Роббил оламийн билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийси ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.
Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқеълигидан ажралиб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четламаган, оддий ота-онадан туғилиб, ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.
Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаёти эканлиги диққатга моликдир.
Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.
Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай, доғда қолган, унга туҳмат қилиб, шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.
Ана шундай – васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамасрлари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.