25 ражаб 1447
Аллоҳнинг ҳузуридаги энг афзал пайғамбар

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَأَوَّلُ مَنْ يَنْشَقُّ عَنْهُ الْقَبْرُ، وَأَوَّلُ شَافِعٍ وَأَوَّلُ مُشَفَّعٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَبِيَدِي لِوَاءُ الْحَمْدِ وَلَا فَخْرَ، وَمَا مِنْ نَبِيٍّ يَوْمَئِذٍ آدَمَ فَمَنْ سِوَاهُ إِلَّا تَحْتَ لِوَائِي، وَأَنَا أَوَّلُ مَنْ تَنْشَقُّ عَنْهُ الْأَرْضُ وَلَا فَخْرَ.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсман. Биринчи шафоат сўровчиман. Биринчи шафоат қилинувчиман», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман» дейилган.

 Бу ҳадиси шарифда у зот алайҳиссаломнинг дунёнинг аввалидан энг афзал банда бўлишлари ҳақида сўз кетмоқда.

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман», дейдилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Термизийнинг ривоятлари эса у зотнинг ўша саййидликлари айнан қайси нарсада намоён бўлишини баён қилади:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса».

Ушбу жумладаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қўлимда ҳамд байроғи бўладир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади», деган маънодадир.

Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу, ўз-ўзидан, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.

«Мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман».

Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб, то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан ким биринчи бўлиб тирилтирилса, ўша шахс уларнинг ичида энг афзали бўлиши ҳам маълум. Худди ана шу шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг устиларидан қабрнинг ёрилиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта тирилиб, ўз қабрларидан чиқишларидир. У зотнинг биринчи бўлиб қабрдан қайта тирилиб чиқишлари барча халойиқнинг афзали эканликларига далолатдир.

«Биринчи шафоат сўровчиман».

Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг афзал банда, энг афзал пайғамбар эканликларининг яна бир далилидир.

«Биринчи шафоат қилинувчиман».

Аллоҳ таолонинг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни қиёмат куни биринчи шафоат қилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда ва энг афзал пайғамбар эканликларига далилдир.

Буларнинг ҳаммаси воқеъликдир, бор гапнинг ўзидир. Бунда заррача мақтаниш, заррача фахрланиш йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизийнинг ривоятларида:

«Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман», демоқдалар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

14:10 / 25.09.2025
Кейинги мақола
Салавотлар
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан бўлишлари
Абдулмуттолибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у кишининг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди. Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламн...
15:32 / 07-январь Батафсил...
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриш
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَتَاهُ جِبْرِيلُ وَهُوَ يَلْعَبُ مَعَ الْغِلْمَانِ، فَأَخَذَهُ جِبْرِيلُ فَصَرَعَهُ فَشَقَّ عَنْ قَلْبِهِ فَاسْت...
13:19 / 29.12.2025 Батафсил...
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмизилишлари
Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўс...
14:22 / 22.12.2025 Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини...
14:26 / 17.12.2025 Батафсил...