عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
أَتَاهُ جِبْرِيلُ وَهُوَ يَلْعَبُ مَعَ الْغِلْمَانِ، فَأَخَذَهُ جِبْرِيلُ
فَصَرَعَهُ فَشَقَّ عَنْ قَلْبِهِ فَاسْتَخْرَجَهُ فَاسْتَخْرَجَ مِنْهُ عَلَقَةً،
فَقَالَ: هَذَا حَظُّ الشَّيْطَانِ مِنْكَ، ثُمَّ غَسَلَهُ فِي طَسْتٍ مِنْ ذَهَبٍ
بِمَاءِ زَمْزَمَ، ثُمَّ لَأَمَهُ
ثُمَّ أَعَادَهُ فِي مَكَانِهِ، وَجَاءَ الْغِلْمَانُ يَسْعَوْنَ إِلَى أُمِّهِ
يَعْنِي ظِئْرَهُ فَقَالُوا: إِنَّ مُحَمَّدًا قَدْ قُتِلَ، فَاسْتَقْبَلُوهُ
وَهُوَ مُنْتَقَعُ اللَّوْنِ. قَالَ أَنَسٌ: وَقَدْ كُنْتُ أَرَى أَثَرَ ذَلِكَ
الْمِخْيَطِ فِي صَدْرِهِ r
. رَوَاهُ مُسْلِمٌ فِي الْمِعْرَاجِ. وَاللهُ أَعْلَمُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида олдиларига Жибрийл
келди. Жибрийл у зотни олиб, ерга ётқизиб, кўксиларини ёрди. Сўнг қалбларини
олиб, ичидан
(зулукка ўхшаш) қотган лахта қонни
чиқариб олди-да, «Бу – шайтоннинг сендаги насибаси», деди.
Кейин
уни тилладан бўлган жомда Замзам билан ювиб, сўнгра (ёриқни) бирлаштириб, сўнг ўрнига қайтариб солди.
Болалар онасининг, яъни эмизган онасининг олдига югуриб келиб:
«Муҳаммад қатл
қилинди!» дедилар. Унинг олдига борсалар, ранги оппоқ бўлган ҳолда турган
экан».
Анас:
«Ўшанинг тикилган
изини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида кўрар эдим», деди».
Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ билгувчироқдир.
Шарҳ: Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр» – «кўксини
ёриш» номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо
соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди.
Лекин бундан қўрқиб кетган Ҳалимаи Саъдия Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи
васалламни оналари Оминага қайтариб олиб борди.
Оминанинг вафотлари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида оналари у зотни Ясриб шаҳрига олиб бордилар. Она-бола бирини ёш бева, бирини туғилмасдан туриб, етим ҳолда ташлаб кетган маҳбублари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг қабрини зиёрат қилиш учун борган эдилар. Уларнинг бири висолига тўймаган эрини, иккинчиси дийдорини кўрмаган падарини зиёрат қилганларидан сўнг яна Макка томон юзландилар.
Йўлда, ал-Авбаа
номли жойга етганларида Омина ҳам вафот топдилар. Онасининг қорнидаги ҳолида
отасидан ажраган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшда
оналаридан ҳам ажраб, буткул етим бўлиб қолдилар.
Дунё тарихида
йигирма ёшга етмаган эр-хотиндан етим бола қолиши ҳодисаси ҳали кўрилмаган
бўлса керак. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг келажак Пайғамбар камолоти учун кўрган
ҳикматли чораси бўлса, ажаб эрмас.
Ғурбатда онадан
ажраб қолган болани ходима Умму Айман ал-Ҳабашия Маккага олиб келиб, бобоси
Абдулмуттолибга топширди.
Қурайшнинг шайхи
бўлмиш Абдулмуттолиб ўзининг етим қолган набирасига ўта меҳрибон эди. У
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни доимо ўзи билан олиб юрар,
Каъбанинг соясига ўз тўшагига ўтирғизиб қўяр эди. Шу тариқа икки йил ўтди.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшга тўлдилар. Энди эсини
таниб, бирор нарсани ўрганиш пайти келганда Абдулмуттолиб ҳам вафот этиб қолди.
Етимлик дарди яна янгиланди.
Уламоларимиз
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда ўсишларига Аллоҳ
таолонинг ҳикмати, деб қарайдилар. Агар у зот етим ҳолда ўсмаганларида,
пайғамбарлик келганида душманлар «Ота-онасидан ёки бобосидан ўрганиб олган
нарсаларни айтиб, «Мен пайғамбарман», демоқда», дейишлари мумкин эди. Етим
ўсган кишининг олиймақом таълимотларни келтириши эса ана шу таълимотлар Аллоҳ
таолодан эканлигига далолат қилади.
«Ҳадис
ва ҳаёт» китобининг 19-жузи
Ўзбекистон
Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги
03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.