وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ سَلَامٍ t:
مَكْتُوبٌ فِي التَّوْرَاةِ صِفَةُ مُحَمَّدٍ وَصِفَةُ عِيسَى بْنِ مَرْيَمَ
عَلَيْهِمُ السَّلَامُ، وَيُدْفَنُ عِيسَى مَعَ
مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.
رَوَى التِّرْمِذِيُّ هَذِهِ السِّتَّةَ.
«Тавротда Муҳаммаднинг
сифати ва Исо ибн Марям алайҳимуссаломнинг сифати ва Ийсонинг Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга дафн қилиниши ёзилгандир».
Термизий ривоят
қилган.
Ушбу ривоятнинг ровийси Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг олимларидан бўлганлар. Инсофли ва ҳақиқий олим бўлганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан «Тавротда васфи келган пайғамбар шу киши экан», деб, у зотга иймон келтирганлар.
Абдуллоҳ
ибн Салом розияллоҳу анҳунинг иймонлари гўзал бўлди. У киши энг машҳур
саҳобийлар сафидан ўрин олдилар. Мана, ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн
Салом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Тавротда
келган маълумот тўғрисида ахборот бермоқдалар:
«Тавротда Муҳаммаднинг
сифати ва И со ибн Марям алайҳимуссаломнинг сифати ва Исонинг Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга дафн қилиниши ёзилгандир», демоқдалар.
Бундан Муҳаммад
мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари яна бир бор намоён бўлади. У
зотнинг сифатлари ўтган илоҳий китобларда келгани олиймақом фазилат бўлмаса,
нима ҳам бўлар эди?!
Шунингдек, бу ерда
Исо алайҳиссаломнинг фазллари ҳам кўриниб турибди. У зотнинг сифатлари ҳам
ўзларидан олдин Мусо алайҳиссаломга берилган илоҳий китоб, яъни Тавротда зикр
қилинган экан. Бунинг устига, яна бир қўшимча маълумот ҳам бор экан. Исо
алайҳиссалом Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир жойга дафн
қилинишлари бор экан. Бу дафн охири замонда бўлиб, Исо алайҳиссалом ер юзига
қайта тушганларидан ва ўзларига юклатилган вазифаларни адо этиб, қайтадан вафот
этганларидан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозирги
равзаларида у зотнинг ёнларига дафн бўладилар.
Муҳаммад мустафо
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ўзларидан олдин келган илоҳий
китобларда васф қилинганлиги Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган. Мисол учун,
Аллоҳ таоло «Соф» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Исо
ибн Марямнинг: «Эй Бану Исроил! Албатта, мен сизларга Аллоҳнинг ўзимдан олдин
келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган Аҳмад исмли Расул ҳақида
башорат қилувчи Расулиман», деганини эсла. (У – Аҳмад) уларга мўъжизалар олиб келганда эса, бу очиқ-ойдин
сеҳрдир, дедилар» (6-оят).
Ушбу оятда Исо
алайҳиссаломнинг умматларига айтган гаплари муҳим гаплар бўлиб, диний
таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.
Биз учун ҳозирги
мақомда керак масала: «... ва мендан кейин келадиган Аҳмад исмли Расул
ҳақида башорат қилувчи»
дейилган жумлададир.
Аҳмад –
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари. Аҳмад,
Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизнинг исмлари бўлиб, араб тилида шукр,
мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олинган.
Исо алайҳиссаломнинг
ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат
қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар: мен отадан сизлар билан абадий собит
бўлиш учун Форқилатни талаб қиламан», дейилган. Лекин замон ўтиши билан роҳиблар
кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.
Замондошларимиздан
устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан:
«Форқилатнинг
маъноси нима?» деб сўрасалар, у киши:
«Роҳиблар «мъази» деб айтишади», дебди.
Шунда устоз Нажжор:
«Мен роҳибдан эмас,
балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар. Шу
гапдан сўнг ажнабий доктор:
«Бу сўзнинг асл
маъноси «ҳамд», яъни «кўп шукр», дебди. Сўнгра устоз Нажжор:
«Арабча «ҳамд»
сўзининг Аҳмад шаклида ишлатилишига тўғри келадими?» десалар, доктор Карлу:
«Ҳа», деб жавоб
қилибди.
Муҳаммад мустафо
соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари аввалги илоҳий китобларда келганлиги
ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзилган.
«Ҳадис
ва ҳаёт» китобининг 19-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг
2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.