4 ражаб 1447
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмизилишлари

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб ўсарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб бир неча кунгача у зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизиб турди.

Ўша кунлари саҳродан, Бану Саъд қабиласидан эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун Маккага келиб қолдилар.

Ўша йили қурғоқчилик йили бўлиб, одамлар етишмовчиликдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб, бир оз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отаси йўқ етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёллар топилмади.

Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани унга халақит берди. Бойларнинг болаларини дугоналари эгаллаб олишибди.

Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмаганидан кейин бир оз ўйланиб қолди. Нима, шунча жойдан келиб, бола олмай кетадими? Хотинлар «Ҳалима қуруқ қайтди», деб ҳамма ёққа гап тарқатиб юборишади-ку! Яхшиси, етим бўлса ҳам Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул...

Аллоҳ таолонинг Ўзи Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. Ҳалима Муҳаммад алайҳиссаломни эмизгани олди.

Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ уловининг тузалиб, тезлаб юраётганини пайқади. Ажабо, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда Аллоҳ таоло халқ қилган одамзодлар ичида энг афзалига кўкрак тута бошлади.

Албатта, Ҳалима инсоният тарихида ўзининг охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган аёл деган ном билан қолишини ўша онларда билмас эди.

У кейинчалик, асрлар оша, қиёматгача миллионлаб мусулмонлар ўзини Ҳалимаи Саъдия онамиз розияллоҳу анҳо деб, юксак эҳтиром ила ёдга олишларини ҳали билмас эди.

Аммо у шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди: ўзининг сути ҳам кўпайиб кетди, хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари ҳайвонларини қаерда боқишларидан қатъи назар, уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди.

Шунинг учун ҳам болани эмизиш муддати тугаганда ҳам ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у зотни оналари ҳузурига олиб бориб, «Яна бир оз менинг олдимда тарбия топсин», деб илтимос қилди. Омина онамиз бу таклифга рози бўлдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эмикдош ака ва опалари билан бирга саҳронинг соф ҳавосида ўйнар эдилар.

Бир куни ҳаво жуда ҳам исиб кетди. Ҳалимаи Саъдия болаларни олиб келиб, бир оз ухлатмоқчи бўлди. Уларни ичкарига чақириб, «Ташқарида юрманглар, офтоб уриб кетади», деди.

Шунда унинг қизи «Муҳаммад билан ўйнасак, бизни офтоб урмайди. Чунки унинг устида булут доимо соя солиб туради», деди. Ҳалимаи Саъдия Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий бола эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди.

Кунлардан бир кун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳро қўйнида болалар билан ўйнаб юрганларида ғалати ҳодиса юз берди.

Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр» – «кўксини ёриш» номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

14:22 / 22-декабрь
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмизилишлари
Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўс...
14:22 / 22-декабрь Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини...
14:26 / 17-декабрь Батафсил...
Сийрат
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари
أَمَّا نَسَبُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَهُوَ مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ابْنُ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ بْنِ هَاشِمِ بْنِ عَبْدِ مَنَافِ بْنِ قُصَيِّ بْنِ...
14:41 / 10-декабрь Батафсил...
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари
عَنْ قَيْسِ بْنِ مَخْرَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدْتُ أَنَا وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَامَ الْفِيلِ.  Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:...
18:23 / 05-декабрь Батафсил...