Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Мусулмонлар кучлангач, Аллоҳ уларга жанг қилишга рухсат берди. Лекин уларга урушишни фарз қилмади. «Ҳужумга учраётган Зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта, Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир». (Ҳаж сураси 39) Бу оят мусулмонларга зулм қилинганда ва душман бостириб келган вақтда улар билан урушишга рухсат бўлганлигини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам душман тажовуз қилмаса, уларнинг ерларини босиб олишлик учун урушиш мусулмонларга фарз эмас. Фақат зулм этувчилар, Исломни таблиғ қилувчиларга монеъ бўлишга ҳаракат қилсалар, бу вақтда урушишга ҳақли бўладилар. Бу ҳолда мусулмонлар уларга қарши уруш бошлайдилар. Ислом уруш эмас, тинчлик динидир. Мусулмонлар босқинчи эмас, зулм ва босқинчиликка қарши курашувчидир. Мусулмонлар фақат зулмга қарши жиҳод қиладилар. Аллоҳ Исломнинг ёйилишини таъқиқлаганларга қарши ва бу зулмларни бартараф қилиш учун жиҳодга изн берганди.