28 шаввол 1447
Набий алайҳиссаломга салавот айтинг!

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади.

Имом Шофеъий:

«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтур: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар.

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан салавот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда у зотга салавот айтмаслик мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.

عَنْ أَبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُمْ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ؟ قَالَ: قُولُوا: اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَأَزْوَاجِهِ وَذُرِّيَّتِهِ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَأَزْوَاجِهِ وَذُرِّيَّتِهِ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Баъзи одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қандай салавот айтамиз?» дедилар.

У зот:

«Аллоҳумма! солли ъала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама соллайта ъалаа оли Иброҳийм. Аллоҳумма! барик ъалаа Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама барокта ъалаа оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар.

Учовлари ривоят қилганлар.

Салавотнинг маъноси: «Аллоҳим! Муҳаммадни, унинг завжаларини ва зурриётларини худди оли Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Муҳаммадни, унинг завжаларини ва зурриётларини худди оли Иброҳимни баракотли қилганингдек баракотли қилгин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан».

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمنِ بْنِ أَبِي لَيْلَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَقِيَنِي كَعْبُ بْنُ عُجْرَةَ فَقَالَ: أَلَا أُهْدِي لَكَ هَدِيَّةً، إِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ عَلَيْنَا فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، قَدْ علِمْنَا كَيْفَ نُسَلِّمُ عَلَيْكَ فَكَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ؟ قَالَ: قُولُوا اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абдурроҳман ибн Абу Лайла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Каъб ибн Ужра мени учратиб қолиб:

«Сенга бир совға берайми? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар. Биз у зотга «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо сизга қандай салавот айтамиз?» дедик.

«Аллоҳумма! Солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама соллайта ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма! Барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин, кама барокта ъала оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айтинглар», деди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Саловатнинг маъноси: «Аллоҳим! Муҳаммадни ва оли Муҳаммадни худди оли Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан. Муҳаммадни ва оли Муҳаммадни худди оли Иброҳимни баракотли қилганингдек баракотли қилгин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан».

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 35-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

12:00
Аввалги мақола
Саловотлар
Набий алайҳиссаломга салавот айтинг!
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, фаришталар унга...
Саловотлар
Набий алайҳиссаломга салавот
قَالَ اللهُ تَعَالَى: إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًاАллоҳ таоло:«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришт...
18:14 / 13-апрел Батафсил...
Саловотлар
Салавотлар
وَقِيلَ لِرَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم : «مَنِ القَوِيُّ فِي الْإِيْمَانِ بِكَ؟» فَقَالَ: «مَنْ آمَنَ بِي وَلَمْ يَرَنِي، فَإِنَّهُ مُؤْمِنٌ بي عَلَى شَوقٍ مِنْهُ وَصِدْقٍ فِي مَحَبَّتيِ؛ وَعَلَام...
12:18 / 03-апрел Батафсил...
Саловотлар
Салавотлар
وَقِيلَ لِرَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ آلُ مُحَمَّدٍ الذين أُمِرْنَا بِحُبِّهِمْ وَإِكْرَامِهِمْ وَالبرور بهم؟» فَقَالَ: «أَهْلُ الصَّفَاءِ وَالْوَفَاءِ؛ مَنْ آمَنَ بِي وَأَخْلَصَ» ، فقيلَ:...
16:45 / 13-февраль Батафсил...