Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Ҳазрати Пайғамбар ва ул Зотга кўнгилдан боғлик бўлган мусулмонлар ўн олти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидилар. Расулуллоҳ қибланинг Каъба томонга ўзгаришини орзу қилар эдилар. Каъбанинг муҳаббати билан катта бўлган, унинг ҳавоси ҳар томонлама сингиб кетган мусулмон араблар ҳам Каъбанинг ўрнини босадиган бирон бир мақом кўра олмас эдилар.Ҳазрати Иброҳим билан ҳазрати Исмоилнинг қибласи ўрнига келган бир қиблани кўнгилхушлик билан қабул этишмас ва қибланинг Каъба бўлишлигини истар эдилар. Байтул Мақдиснинг қибла бўлишлиги улар учун буюк бир синов, имтиҳон эди ва лекин мусулмонлар «эшитдик ва итоат этдик» дейишдан бошқа чоралари йўқ эди. «Унга иймон келтирдик. Барчаси Роббимизнинг ҳузуридадир»− дейишар, Расулуллоҳга итоат этиб, Аллоҳнинг амрларига амал қилишдан бошқа иш қилмас эдилар. Аллоҳнинг амрлари уларнинг ҳавои нафслари ва орзу-ҳавасларига тўғри келсаю-келмаса, бу амрлар урф-одатларига қарши бўлса ҳам, Аллоҳнинг амрларини садоқат ва ихлос ила адо этар эдилар. Аллоҳ уларни имтиҳон қилиб, тақво соҳиби кишилар бўлганликларини ва Расулининг воситаси ила юборган амрларига итоатларини кўргач, Расулининг ва мусулмонларнинг Каъбага юзланишларига изн берди. «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўртада (адолатли) бир миллат қилдик. Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким Пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қайтиб кетишини билиш учун қилганмиз, холос. Шубҳасиз, бу − оғир иш. Магар Аллоҳ ҳидоят қилган зотларгагина (оғир эмасдир). Аллоҳ иймонларингизни (яъни иймон билан ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир»(Бақара сураси 143). Бутун мусулмонлар Аллоҳга ва Расулига эргашиб дарҳол намозда Каъба томонга юзландилар. Шундай қилиб, қиёматга қадар Каъба мусулмонларнинг қибласи бўлди. Бутун мусулмонлар шу сабабдан қайси ерда бўлса бўлсинлар, юзларини Каъба тарафга буриш мажбуриятидалар.